Германия Кот-д’Ивуарни енгиб, плей-оффга чиқди
Германия Кот-д’Ивуарни енгиб, плей-оффга чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Германия терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи турида Кот-д’Ивуар терма жамоаси устидан иродали ғалабага эришди. Канаданинг Торонто шаҳрида бўлиб ўтган учрашув 2:1 ҳисобида европаликлар фойдасига якунланди. Биринчи бўлимда ҳакамлар қоидабузарликларни қайд этганидан сўнг Кот-д’Ивуар дарвозасига киритилган икки голни бекор қилди.
Учрашувда ҳисобни 30-дақиқада Кот-д’Ивуар ярим ҳимоячиси Франк Кессье очди. Германия терма жамоаси иккинчи бўлимда ўйин тақдирини ўзгартира олди. Ҳужумчи Дениз Ундав 68-дақиқада ҳисобни тенглаштирди, асосий вақтга қўшиб берилган тўртинчи дақиқада эса дубль қайд этиб, жамоасига ғалаба келтирди.
Ушбу муваффақиятдан сўнг Германия терма жамоаси олти очко жамғариб, E гуруҳида якка пешқадамга айланди ва муддатидан аввал 1/16 финал йўлланмасини қўлга киритди. Немис футболчилари 2014 йилдан бери илк бор жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичидан чиқишга муваффақ бўлди. Айнан ўша йили жамоа ўз тарихида тўртинчи марта жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган эди. Кейинги икки мундиал — 2018 ва 2022 йилги жаҳон чемпионатларида Германия терма жамоаси мусобақани гуруҳ босқичидаёқ тарк этган.
Германия жорий турнирда плей-офф босқичига чиқишни кафолатлаган учинчи жамоага айланди. Бундан аввал АҚШ ва Мексика терма жамоалари ҳам кейинги босқич йўлланмасини расмийлаштирган эди.
Кот-д’Ивуар терма жамоаси уч очко билан гуруҳдаги иккинчи ўрнини вақтинча сақлаб турибди. E гуруҳининг бошқа иштирокчилари — Эквадор ва Кюрасао терма жамоалари иккинчи тур доирасидаги ўзаро учрашувини 21 июнга ўтар кечаси ўтказади.
25 июнга белгиланган гуруҳ босқичининг сўнгги турида Германия Эквадорга қарши майдонга тушади, Кот-д’Ивуар эса Кюрасао билан баҳс олиб боради.
Тарихда илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирок этаётган жорий жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика стадионларида ўтказилмоқда. Турнир 19 июль куни якунланади.