Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Франция ва Мексика ЖЧ-2026 1/8 финалига йўл олди

UzDaily таҳририяти · 01.07.2026 · 11:18 · 29 views
Франция ва Мексика ЖЧ-2026 1/8 финалига йўл олди

Франция ва Мексика ЖЧ-2026 1/8 финалига йўл олди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Франция ва Мексика терма жамоалари 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати 1/16 финалида ғалаба қозониб, мусобақанинг кейинги босқичига йўл олди.

Франция терма жамоаси АҚШнинг Нью-Жерси штатидаги Ист-Ратерфорд шаҳрида Швецияни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Килиан Мбаппе 45 ва 74-дақиқаларда икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, дубль қайд этди. Яна бир голни 53-дақиқада Брэдли Барколя киритди.

Мбаппе учун ушбу гол жаҳон чемпионатлари доирасидаги 18-гол бўлди. Бу кўрсаткич бўйича у 19 та гол муаллифи бўлган Лионель Мессидан кейин иккинчи ўринда турибди. Жорий мундиалда ҳар икки футболчи олтитадан гол уриб, тўпурарлар пойгасида етакчилик қилмоқда.

1/8 финалда Франция Парагвай терма жамоасига қарши баҳс олиб боради. Парагвайликлар асосий ва қўшимча вақтдаги 1:1 ҳисобидан кейин пенальтилар сериясида Германияни мағлуб этган эди. Учрашув 5 июльга ўтар кечаси Филадельфия шаҳрида бўлиб ўтади.

Мексика терма жамоаси эса Мехикода бўлиб ўтган 1/16 финал баҳсида Эквадорни 2:0 ҳисобида енгди. Голларга 22-дақиқада Хулиан Киньонес ва 31-дақиқада Рауль Хименес муаллифлик қилди.

Иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг бешинчи дақиқасида Эквадор терма жамоаси ҳимоячиси Пьеро Инкапье қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.

Москванинг «Локомотив» клуби ҳимоячиси Сесар Монтес учрашувни сардорлик боғичи билан бошлади ва 90 дақиқа давомида майдонда ҳаракат қилди. Москванинг «Динамо» клуби ярим ҳимоячиси Луис Чавес эса захирада қолдирилди.

Момақалдироқ сабабли учрашув бошланиши бир соатга кечиктирилди.

1/8 финалда Мексика Англия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари ўртасидаги баҳс ғолиби билан куч синашади. Учрашув 6 июльга ўтар кечаси Мехикода бўлиб ўтади.

Ушбу ғалаба Мексика терма жамоасига 1986 йилдан буён илк бор жаҳон чемпионати плей-оффининг биринчи босқичидан ўтиш имконини берди. Ўшанда ҳам мусобақа Мексикада ўтказилган ва мезбонлар чорак финалгача етиб борган эди.

Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилмоқда. Турнир тарихида илк бор финал босқичида 48 та миллий терма жамоа иштирок этмоқда. Мусобақа 19 июль куни якунланади. Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.