Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Фарғона вилоятида 150 дан ортиқ аёллар ЙХҲТ кўмагида рақамли кўникмалар бўйича ўқитилди

UzDaily · 18.06.2026 · 10:45 · 27 views
Фарғона вилоятида 150 дан ортиқ аёллар ЙХҲТ кўмагида рақамли кўникмалар бўйича ўқитилди

Фарғона вилоятида 150 дан ортиқ аёллар ЙХҲТ кўмагида рақамли кўникмалар бўйича ўқитилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг турли ҳудудларидан келган 150 дан ортиқ хотин-қизлар ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори томонидан IT-Park Uzbekistan билан ҳамкорликда ташкил этилган IT-кўникмалар ва рақамли маркетинг бўйича ўқув курсларини муваффақиятли тамомладилар. Мазкур дастур туфайли иштирокчилар даромадларини ошириш, бизнесни ривожлантириш ва онлайн тарзда масофадан туриб ишлаш учун зарур бўлган амалий рақамли кўникмаларни ўзлаштирдилар.

2026-йил 9-июн куни бўлиб ўтган сертификатларни топшириш маросимида иштирокчилар, тренерлар ва маҳаллий ташкилотлар вакиллари рақамли иқтисодиёт кўникмаларини эгаллаш учун ўз вақти ва кучини сарфлаган аёлларнинг ютуқларини эътироф этиш учун йиғилдилар.

Маросимда сўзга чиққан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, элчи Антти Карттунен иштирокчиларни эришган ютуқлари билан табриклади ва хотин-қизларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантиришга сармоя киритиш муҳимлигини таъкидлади.

“Бугун биз шунчаки ўқув курси якунланганини эмас, балки бундан анча каттароқ воқеани нишонлаяпмиз. Биз ушбу аёлларнинг ўзлари, оилалари ва жамиятлари учун яхшироқ иқтисодий келажак барпо этиш йўлидаги қатъияти, мақсадга интилувчанлиги ва тайёрлигини олқишлаймиз”, - деди элчи Антти Карттунен.

Дастур хотин-қизларнинг, айниқса, чекка туманлар ва қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Ўқиш давомида иштирокчилар рақамли маркетинг асослари, бизнесни Интернетда тарғиб қилиш, электрон тижорат воситалари ҳамда иш ва тадбиркорлик фаолиятида амалий қўллаш учун зарур бўлган базавий рақамли кўникмаларни ўргандилар.

Кўпгина иштирокчилар учун бу тренинг фаолиятларида янги босқични бошлаб берди.

“Дастурда иштирок этишдан олдин мен маданият ва туризм соҳасидаги лойиҳани ривожлантираётган эдим. Тренинг туфайли мен уни интернетда тарғиб қилиш, онлайн аудиторияни яхшироқ тушуниш ва янада жозибали визуал контент яратиш учун амалий воситалардан фойдаланиш имконига эга бўлдим. Энг муҳими - эндиликда ўз ғояларимни ҳаётга татбиқ этиш учун технологиялардан ижодий ва стратегик ёндашган ҳолда, ишонч билан фойдаланмоқдаман”, - дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди курслар иштирокчиси Дилдора Алиева.

Ушбу ўқув курслари Оʻзбекистоннинг бошқа ҳудудларини ҳам қамраб олган кенг кўламли ўқитиш ташаббусининг бир қисмидир: бугунги кунга қадар 1000 га яқин хотин-қизлар базавий кўникмаларига эга бўлдилар. Аёлларнинг иқтисодий тенглигини қўллаб-қувватлаш ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координаторининг асосий устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. Рақамли саводхонликни ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятини яратиш орқали ЕХҲТ хотин-қизларга рақамли технологиялар асрида зарур бўлган амалий кўникмаларни эгаллашда кўмаклашмоқда.

UzDaily · 👁 27 views · 18.06.2026 · 10:45