Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Чирчиқ шаҳрида тижорат банкининг банк хизматлари кўрсатиш маркази раҳбари 13 нафар фуқаро омонат сифатида киритган 1,3 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, банк ходими фуқаролардан қабул қилиб олган пул маблағларини молия муассасаси кассасига кирим қилмаган.
Шу билан бирга, у депозит ҳисобварақларига маблағлар гўёки кирим қилингани ҳақида ёлғон маълумотларни киритган. Текширув материалларига кўра, ходим қўлга киритган маблағларидан шахсий мақсадларда фойдаланган.
Натижада банк ходими ҳаракатлари оқибатида 1,3 млрд сўм ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш учун жавобгарликни назарда тутувчи 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.