Чехия ва ЖАР жаҳон чемпионатида дуранг ўйнади
Чехия ва ЖАР жаҳон чемпионатида дуранг ўйнади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи турида Чехия ва Жанубий Африка Республикаси терма жамоалари 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашув АҚШнинг Жоржия штати, Атланта шаҳрида бўлиб ўтди.
Чехия терма жамоаси ҳисобни 6-дақиқада очди. Голга Михал Садилек муаллифлик қилди. ЖАР терма жамоаси эса ўйин сўнгги қисмида мағлубиятдан қутулиб қолди — 83-дақиқада Тебохо Мокоена пенальтини аниқ амалга ошириб, учрашувнинг якуний ҳисобини ўрнатди.
Учрашувни америкалик ҳакам Тори Пенсо бошқарди. У эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳсида бош ҳакам сифатида ишлаган тарихдаги иккинчи аёлга айланди. Ундан аввал бу натижага 2022 йилги жаҳон чемпионатида Германия ва Коста-Рика терма жамоалари ўртасидаги баҳсни бошқарган франциялик Стефани Фраппар эришган эди.
Чехия ва ЖАР терма жамоалари А гуруҳида иштирок этмоқда. Биринчи турда Чехия Жанубий Корея терма жамоасига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган бўлса, ЖАР Мексикага 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган эди.
Гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи учрашувлари 25 июнь куни бўлиб ўтади. Чехия Мексикага қарши майдонга тушади, ЖАР эса Жанубий Корея билан баҳс олиб боради.