Ўзбекистон

Centrum Air Самарадаги йўловчи билан боғлиқ можарода борткузатувчининг айбини тан олди

Centrum Air Самарадаги йўловчи билан боғлиқ можарода борткузатувчининг айбини тан олди
Centrum Air Самарадаги йўловчи билан боғлиқ можарода борткузатувчининг айбини тан олди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Centrum Air авиакомпанияси борткузатувчиси Самара аэропортида йўловчи билан юз берган можароли вазиятда ноҳақ бўлганини тан олди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг хусусий Centrum Air/My Freighter холдинги бош директори биринчи ўринбосари Маъмуржон Мамадилиев ўзининг X саҳифасида маълум қилди.

«Умуман олганда, борткузатувчи ноҳақ бўлган ва у ўз айбини тан олди. Бугун биз йўловчи билан учрашув ташкил этдик. Авиакомпания вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқди. Юзага келган вазият муносабати билан йўловчининг трансфер билан боғлиқ барча харажатлари авиакомпания томонидан қоплаб берилади», — деб ёзди у.

Мамадилиевнинг сўзларига кўра, борткузатувчи ўзбек тилида яхши гапиради ва Ўзбекистондаги бошқа авиакомпанияда кўп йиллар ишлаган. «Унинг ишига нисбатан ҳеч қачон эътирозлар бўлмаган. Фақат миннатдорчиликлар билдирилган. У ҳам, авиакомпания ҳам юз берган воқеадан афсусда», — дея таъкидлади у.

Аввалроқ Instagram тармоғида Самара аэропортида Centrum Air йўловчиси билан боғлиқ видео тарқалган эди. Блогер komil_vlogs 5 октябрь куни Самара — Тошкент йўналишидаги C6468 рейсига борткузатувчидан у билан ўзбек тилида гаплашишни сўраганидан сўнг рейсга киритилмаганини маълум қилди.

Бундан аввал Centrum Air матбуот хизмати воқеаларнинг бошқа версиясини баён қилган эди. Компания маълум қилишича, йўловчи ўзбек тилида мулоқот қилишни сўрагани учун эмас, балки самолётдаги хулқ-атвори сабабли парвозга қўйилмаган. Авиакомпания маълумотларига кўра, бошқа йўловчилар самолётга чиқарилаётган пайтда эркак «борткузатувчига нисбатан тажовузкор муносабатда бўлган»: қўпол шаклда талаблар қўйган, ходимани ҳақорат қилган ва унинг ишига халақит берган.

«Бундай хулқ-атвор бортда хавфсизлик ва тартибга таҳдид солиши мумкин эди, шунинг учун ҳаво кемаси командири йўловчини парвозга қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилди», — дея ўша вақтда компания маълум қилган ва қарорни асосли деб атаган. Centrum Air шунингдек, воқеанинг барча ҳолатлари ҳужжатлаштирилганини ва авиакомпания ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирган.

Матбуот хизмати Centrum Air’нинг барча борткузатувчилари ўзбек, рус ва инглиз тилларини билиши ҳамда йўловчилар билан уларга қулай тилда мулоқот қилишини таъкидлаган.

Кейинроқ блогер Москвага чипта сотиб олганини, у ердан Тошкент ёки Самарқандга учиб кетишни режалаштираётганини маълум қилди. У, шунингдек, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига мурожаат қилишини ва қайтиб келганидан сўнг адолат қарор топиши учун ҳаракат қилишини билдирди. Шу билан бирга, блогер Centrum Air борткузатувчилари умуман олганда тўғри муомала қилишини қайд этган, бироқ борткузатувчи аёллар ҳақида салбий фикр билдирган. Видео эълон қилинганидан сўнг изоҳларда авиакомпания ходимига нисбатан ҳақоратли фикрлар ва ташувчини бойкот қилишга чақириқлар пайдо бўлди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.