Бухорода ёғочга ишлов бериш устахонасида ёнғин содир бўлди, жабрланганлар йўқ
Бухорода ёғочга ишлов бериш устахонасида ёнғин содир бўлди, жабрланганлар йўқ
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 4 июнь куни эрталаб Бухоро шаҳридаги «М. Тарабий» маҳалласида жойлашган ёғочга ишлов бериш устахонасида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Идора маълумотларига кўра, ёнғин ҳақидаги хабар 05:43 да 112 тезкор чақирув тизими орқали қабул қилинган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари воқеа жойига 05:52 да етиб келган.
Ёнғин соат 06:02 да локаллаштирилган, 07:22 да эса тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида устахонанинг 150 квадрат метр майдондаги том қисми ҳамда унинг ичида сақланган ёғоч хомашёси зарар кўрган. Ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқ.
Ҳозирда мутахассислар ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдорини аниқламоқда.