Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Болалар омбудсмани Бухоро вилоятида вояга етмаган шахсга нисбатан зўравонлик қўлланилгани билан боғлиқ вазиятни назоратга олди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Омбудсман маълумотига кўра, воқеа 28 август куни содир бўлган. Э.Р. фуқаро ўз қизи О.Д. билан учрашиш учун Бухоро вилоятига келган.
Учрашув вақтида у учрашувга келган 2009 йилда туғилган вояга етмаган Э.О. исмли болани мажбуран автомобильга ўтқазиб, қариндоши Ф.Ф.нинг уйига олиб борган.
У ерда Э.Р., Ф.Ф. ва бошқа шахслар ўсмирни калтаклаган.
Терговга қадар текширув доирасида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Экспертиза хулосасига кўра, вояга етмаган шахс танасининг турли қисмларида тан жароҳатлари аниқланган.
7 сентябрь куни мазкур ҳолат юзасидан Э.Р. ва Ф.Ф.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми «а» ва «в» бандлари, шунингдек, 105-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини туман прокуратураси олиб бормоқда.
Болалар омбудсмани вояга етмаган жабрланувчининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш зарурлигини инобатга олган ҳолда, иш бўйича тасдиқланмаган маълумотларни тарқатишдан тийилишга чақирди.
Омбудсман, шунингдек, тергов доирасида боланинг процессуал ҳуқуқлари таъминланишини кузатишни давом эттиришини маълум қилди.