7
Иқтисод

Бойсундаги конда қутқарув қудуқларини бурғилаш бошланади

Бойсундаги конда қутқарув қудуқларини бурғилаш бошланади
Бойсундаги конда қутқарув қудуқларини бурғилаш бошланади / Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов техноген авария оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этаётган Бойсундаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конига ташриф буюрди.

Ташриф давомида у амалга оширилаётган ишлар, хорижий мутахассислар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда кейинги босқичлар режалари билан танишди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» ахборот хизмати хабар берди.

Кўздан кечириш якунлари бўйича масъул шахсларга авария оқибатларини бартараф этиш режасида назарда тутилган қутқарув қудуқларини бурғилаш ишларини 2026 йил охирига қадар бошлаш топширилди.

Ишларнинг ҳар бир босқичи белгиланган муддатларда, муҳандислик-техник талаблар ва хавфсизлик меъёрларига риоя қилган ҳолда бажарилиши зарурлиги таъкидланди.

Сангинов кон ҳудудидаги мавжуд грифонларни ҳам кўздан кечирди. Уларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва табиий газ захираларидан самарали фойдаланиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Ишлар Хитойнинг CNPC корпорацияси таркибига кирувчи CNPC Chuanqing Drilling Engineering Company Limited (CCDC) мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз»да белгиланган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш техноген авария оқибатларини тўлиқ бартараф этиш, конда хавфсизликни таъминлаш ва табиий газ қазиб олишни қайта тиклаш имконини беради, деб ҳисоблашмоқда.

Бунинг учун барча масъул бўлинмалар ва хорижий ҳамкорлар фаолиятини мувофиқлаштириш, режалаштирилган тадбирларни белгиланган муддатларда якунлаш кўзда тутилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.