Бишкекда сув-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди
Бишкекда сув-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бишкек шаҳрида Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирлари, Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ҳамда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Миллий диспетчерлик маркази” ДУК директори Музаффар Бобоев иштирокида навбатдаги ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида томонлар минтақанинг сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, ёзги мавсумда сув ва энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, мамлакатларнинг барқарор энергия таъминотини таъминлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, аҳоли сонининг ўсиши, иқтисодиёт тармоқларининг жадал ривожланиши ва энергия ресурсларига бўлган талабнинг ортиши шароитида минтақавий ҳамкорлик сув ва энергетика хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар 2026 йилнинг июль–август ойларида мамлакатларни сув ва энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича қўшма Баённомани имзоладилар.