Бахтиёр Саидов Покистон ТИВ раҳбари билан хавфсизликни муҳокама қилди
Бахтиёр Саидов Покистон ТИВ раҳбари билан хавфсизликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири ва сенатори Муҳаммад Исҳоқ Дар билан расмий телефон мулоқоти ўтказди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки томонлама кун тартибининг асосий йўналишлари ҳамда халқаро сиёсатнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Суҳбат чоғида Покистон томони Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф номига йўлланган мактуби учун самимий миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбарининг мактубида Америка Қўшма Штатлари ва Эрон Ислом Республикаси ўртасида Имзоланган Ўзаро англашув меморандумига юқори баҳо берилгани, шунингдек, ушбу музокаралар жараёнини ташкил этишда расмий Исломободнинг фаол ва самарали воситачилик саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилгани таъкидланди.
Томонлар дипломатик тартибга солишнинг кейинги босқичлари конструктив руҳда давом этишига, эришилган келишувларнинг амалий ижроси эса бутун минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига қатъий ишонч билдирди.
Музокаралар якунлари бўйича икки мамлакат ташқи ишлар идоралари ўртасидаги мунтазам ва ишончли мулоқотни давом эттириш, шунингдек, стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга тайёрлик тасдиқланди.