Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Аргентина Мисрни мағлуб этиб, чорак финалга чиқди

UzDaily таҳририяти · 08.07.2026 · 11:40 · 25 views
Аргентина Мисрни мағлуб этиб, чорак финалга чиқди

Аргентина Мисрни мағлуб этиб, чорак финалга чиқди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Аргентина терма жамоаси 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати 1/8 финал баҳсида Мисрни 3:2 ҳисобида иродали тарзда мағлуб этиб, мусобақанинг чорак финалига йўл олди. Учрашув Атланта шаҳрида бўлиб ўтди.

Ҳисобни учрашувнинг 15-дақиқасида Яссер Иброҳим очиб, Миср терма жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда эса Мустафо Зико 67-дақиқада гол уриб, жамоасининг устунлигини мустаҳкамлади.

Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида аргентиналиклар ўйин тақдирини ўзгартиришга муваффақ бўлди. 79-дақиқада Кристиан Ромеро ҳисобни қисқартирди. Орадан тўрт дақиқа ўтиб Лионель Месси ҳисобни тенглаштирди. Қўшимча вақтнинг 90+3-дақиқасида эса Энцо Фернандес ғалаба голига муаллифлик қилди.

Ушбу баҳсда Месси жаҳон чемпионатларидаги голли узатмалар сони бўйича ҳам янги натижа қайд этди. Мисрга қарши ўйинда амалга оширган голли узатмаси унинг жаҳон чемпионатларидаги тўққизинчи ассисти бўлиб, бу кўрсаткич орқали у Диего Марадонанинг натижасини ортда қолдирди.

Жаҳон чемпионатларида ассистлар статистикаси 1966 йилдан буён юритиб келинади.

Шунингдек, Аргентина терма жамоаси сардори бир жаҳон чемпионати доирасида урган голлари сони бўйича шахсий рекордини ҳам янгилади. Унинг мазкур турнирдеги голлари сони саккизтага етди. Бу борадаги аввалги энг яхши натижаси 2022 йилги жаҳон чемпионатида қайд этилган бўлиб, ўшанда у еттита гол урган эди.

Аввалроқ, 4 июль куни Аргентина терма жамоаси мусобақанинг олдинги босқичида Кабо-Вердени қўшимча вақтдан кейин 3:2 ҳисобида мағлуб этган эди.

Дастлаб ғалаба голи Лионель Мессининг узатмасидан кейин Кристиан Ромеро ҳисобига ёзилган эди. Бироқ кейинчалик Халқаро футбол федерацияси гол муаллифлигини ўзгартириб, уни автогол сифатида расман қайд этди.