Англия ва Хорватия ЖЧ-2026 плей-оффига йўл олди
Англия ва Хорватия ЖЧ-2026 плей-оффига йўл олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ, Канада ва Мексикада давом этаётган 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида L гуруҳининг сўнгги тур учрашувлари якунланди. Ўтказилган баҳслар натижасига кўра, ушбу гуруҳдан учта миллий терма жамоа плей-оффнинг биринчи босқичига йўлланмани қўлга киритди, яна бир иштирокчи эса сайёрамизнинг энг нуфузли футбол мусобақасидаги иштирокини муддатидан аввал якунлади.
Нью-Жерси штатидаги Ист-Ратерфорд шаҳрида Англия терма жамоаси Панама устидан 2:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Англиялик футболчилар учрашув давомида тўлиқ устунликка эга бўлиб, иккинчи бўлимда рақиб дарвозасини икки марта ишғол қилди. Ҳисоб 62-дақиқада ярим ҳимоячи Жуд Беллингем томонидан очилди, орадан беш дақиқа ўтгач эса ҳужумчи Гарри Кейн жамоасининг устунлигини мустаҳкамлади.
Ушбу гол орқали Гарри Кейн жаҳон чемпионатларидаги голлари сонини 11 тага етказиб, Англия терма жамоаси тарихида мундиалларда энг кўп гол урган футболчига айланди ва афсонавий Гари Линекерни ортда қолдирди. Панама футболчилари эса бирорта ҳам очко тўплай олмай, жадвалнинг сўнгги поғонасини эгаллади.
Турнинг Пенсильвания штатидаги Филадельфия шаҳрида бўлиб ўтган параллел учрашувида Хорватия терма жамоаси Ганани 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Хорватлар 31-дақиқада Петар Сучичнинг аниқ зарбаси эвазига олдинга чиқди. Иккинчи бўлим ўрталарида ганалик ҳимоячи Деррик Лукассен мувозанатни тиклади, бироқ 83-дақиқада Никола Влашич европаликлар жамоасига ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди.
Якунда Англия 7 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллади, Хорватия 6 очко билан иккинчи поғонадан жой олди. Гана эса мағлубиятга қарамай, 4 очко билан учинчи ўринни банд этган ҳолда 1/16 финалга йўлланма олди. Эслатиб ўтамиз, жорий турнирда илк бор 48 та жамоа иштирок этмоқда ва плей-оффга ҳар бир гуруҳдан иккитадан энг кучли терма жамоа ҳамда учинчи ўринни эгаллаганлар орасидан энг яхши саккизта жамоа чиқади.