Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Молия

Ўзбекистон ва ITTLLDC денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Дилафруз Ниязова · 22.08.2026 · 15:55 · 33 views
Ўзбекистон ва ITTLLDC денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва ITTLLDC денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган ривожланаётган давлатлар халқаро тадқиқот маркази (ITTLLDC) транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Учрашув 21 август куни Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигида бўлиб ўтди. Унда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидҳожиев, ITTLLDC ижрочи директори Дамдин-Од Дулгуун, шунингдек, вазирликнинг тегишли бўлинмалари ва тадқиқот институтлари вакиллари иштирок этди.

Томонлар асосий эътиборни транспорт ва транзит коридорларини ривожлантириш, денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган давлатларни халқаро транспорт тармоқларига интеграция қилиш, савдо харажатларини камайтириш ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратди.

Иштирокчилар, шунингдек, иқтисодиётни диверсификация қилиш, рақамли трансформация ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлашни ITTLLDC фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида муҳокама қилди.

Ўзбекистоннинг транспорт-логистика ва транзит салоҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Томонлар ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш ва минтақавий ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашди.

Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари ITTLLDCнинг Ўзбекистон Стратегик ривожланиш маркази, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашув якунида томонлар транспорт-логистика ва савдо-иқтисодий ривожланиш, шунингдек, таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш соҳаларида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.