Англия ва Гана терма жамоалари дуранг ўйнади
Англия ва Гана терма жамоалари дуранг ўйнади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Англия ва Гана миллий терма жамоалари футбол бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувида муроса кўчасини танлади. АҚШнинг Массачусетс штатидаги Фоксборо шаҳрида бўлиб ўтган баҳс 0:0 ҳисобида якунланди.
Эътиборли жиҳати шундаки, Гана терма жамоасининг асосий таркибида ярим ҳимоячи Томас Парти майдонга тушди. Футболчи Канада ҳокимияти томонидан кириш визаси берилмагани сабабли Панамага қарши илк учрашувни ўтказиб юборган эди. Ўша баҳсда ганаликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Ушбу натижадан сўнг Англия ва Гана терма жамоалари ўз ҳисобидаги очколар сонини 4 тага етказиб, турнир жадвалидаги мавқеларини мустаҳкамлади. L гуруҳида шунингдек Хорватия ва Панама миллий жамоалари ҳам иштирок этмоқда. Улар биринчи тур якунларига кўра ҳозирча очко тўплай олмаган. Мазкур жамоалар ўртасидаги иккинчи тур баҳси 24 июнь кунига ўтар кечаси бўлиб ўтади.
Гуруҳ босқичининг учинчи ва сўнгги турида Англия терма жамоаси Панамага қарши майдонга тушади. Гана футболчилари эса Хорватия терма жамоаси билан куч синашади. Мазкур учрашувлар 28 июнь кунига ўтар кечаси ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий жаҳон чемпионатига АҚШ, Канада ва Мексика биргаликда мезбонлик қилмоқда. 19 июль куни якунланадиган ушбу мундиалда тарихда илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирок этмоқда. Амалдаги жаҳон чемпиони мақомини эса Аргентина терма жамоаси сақлаб турибди.