Тошкентда мактаб ўқувчисини билагузук ютишга мажбурлашган
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Яшнобод туманидаги 151-мактабнинг учинчи синф ўқувчиси онасининг айтишича, икки нафар мактаб ўқувчиси уни зўрлик билан металл магнитли билагузукни ютишга мажбур қилганидан сўнг реанимацияга ётқизилди.
Болалар омбудсмани ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеа тафсилотларини текширмоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Боланинг онаси сўзларига кўра, воқеа мактаб ҳожатхонаси яқинида содир бўлган. Унинг олдига икки нафар ўқувчи келган, бироқ аёл уларни аниқлай олмаган. Улар болага зўравонлик қилиш билан таҳдид қилиб, унинг қаршилигига қарамай, металл билагузукни оғзига солиб, ютишга мажбур қилган.
Ўқувчи унга жабр етказганлардан қўрққани сабабли содир бўлган воқеа ҳақида ота-онасига дарҳол айтмаган. Кучли оғриқлар пайдо бўлганидан сўнг у шифохонага олиб борилган. Рентген текшируви вақтида шифокорлар металл буюмни аниқлаган. Шундан кейин бола мактабда юз берган воқеа ҳақида сўзлаб берган.
Онасининг айтишича, билагузук боланинг организмида бир неча қисмга бўлиниб кетган ва оксидлана бошлаган. Шифокорлар қарийб уч соат давом этган шошилинч операция ўтказган. Ёт жисм ичакни олти жойидан шикастлагани сабабли шифокорлар зарарланган қисмнинг қарийб беш сантиметрини олиб ташлашга мажбур бўлган.
Жарроҳлик амалиётидан сўнг бола реанимацияга ўтказилган. Онаси сўзларига кўра, шифокорлар унинг реанимацияда яна тўрт-беш кун қолишини тахмин қилмоқда. Шу билан бирга, пойтахт Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси боланинг аҳволи қониқарли эканини ва унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.
Ўқувчининг онаси воқеа ҳақида ижтимоий тармоқларда видео мурожаат эълон қилиб, хабар берди. У ота-оналарни болалар ўртасидаги шафқатсизлик ва тарбия масаласига эътибор қаратишга чақирди. Аёл, шунингдек, содир бўлган воқеадан кейин шок ҳолатида эканини ва фарзандидан айрилиб қолишига сал қолганини айтди.
Болалар омбудсмани воқеа содир бўлганини тасдиқлади. Идора вакиллари мактабга бориб, воқеа тафсилотларини бевосита жойида ўрганмоқда. Вазият алоҳида назоратга олинган.
Текширув доирасида, жумладан, ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш ва бола ҳуқуқлари бузилган бўлиши эҳтимоли билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилмоқда. Болалар омбудсмани барча ҳолатларга ойдинлик киритилиши ва зарур чоралар кўрилишига қадар вазиятни кузатиб боради.
Воқеа юзасидан туман ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Қўшимча маълумотлар текширув натижаларига кўра тақдим этилади.