Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Сенат уй-жой коммунал хизматлари соҳасидаги бошқарув компаниялари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини кўриб чиқди

UzDaily таҳририяти · 10.07.2026 · 18:00 · 39 views
Сенат уй-жой коммунал хизматлари соҳасидаги бошқарув компаниялари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини кўриб чиқди

Сенат уй-жой коммунал хизматлари соҳасидаги бошқарув компаниялари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини кўриб чиқди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 17-ялпи мажлисида Бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари  кўриб чиқилди.

Муҳокама жараёнида қайд этилганидек, парламент сўровида кўтарилган масалалар юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, бошқарув сервис компанияларини танлашда мулкдорларнинг бевосита иштирокини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларда жой мулкдорларининг умумий йиғилишларини ташаббус қилиш, ўтказиш ва қарор қабул қилиш, шартномалар тузиш, бошқарувчилар томонидан ҳисоботлар тақдим этиш жараёнлари фақат “Менинг уйим” ахборот тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилган.

Шунингдек, мазкур тартиб 2027 йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида жорий этилади.

Бундан ташқари, “Менинг уйим” ахборот тизимининг мобиль иловаси ва веб-платформаси орқали мулкдорларга коммунал тўловларни кузатиш ва амалга ошириш, бошқарув компаниялари фаолиятини баҳолаш, мурожаатлар юбориш ҳамда кўп квартирали уйларга туташ ҳудудлардаги қонунбузилишлар ҳақида ваколатли органларга электрон тарзда хабар бериш имкониятлари ҳам яратилган.

Мажлисда соҳада рақамли трансформация жараёнлари ҳам изчил давом этаётгани қайд этилди. Мажбурий тўловлар ҳисобини юритиш, ҳар бир кўп квартирали уй учун алоҳида банк ҳисоб рақамларини очиш, соҳани рақамлаштириш, мулкдорлар учун электрон хизматларни кенгайтириш ҳамда бошқарув органларининг электрон реестрини шакллантириш бўйича ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

Шу билан бирга, кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестри ҳамда “Турар жой” миллий ахборот идоралараро платформаси ишга туширилиб, уй-жойларнинг техник ҳолати тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида юритиш ва янгилаб бориш механизми йўлга қўйилган.

Сенаторлар ўз чиқишларида соҳада ҳал этилиши лозим бўлган қатор вазифалар, жумладан, бошқарув сервис компаниялари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш, рақобат муҳитини кучайтириш ва илғор хорижий тажрибани кенг жорий этиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.

Муҳокама якунида Сенатнинг ушбу соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли қарори қабул қилинди.