Саида Мирзиёева ОХММ тажрибаси билан танишди
Саида Мирзиёева ОХММ тажрибаси билан танишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бошчилигидаги делегация Остона шаҳридаги Остона халқаро молия марказига (ОХММ) ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад халқаро молия марказини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича ОХММ тажрибасини ўрганишдан иборат бўлди.
Ташриф давомида ОХММнинг институционал тузилмаси, ҳуқуқий асослари ва тартибга солиш модели, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
ОХММ бошқарувчиси Ренат Бектуров марказ фаолиятининг асосий йўналишларини тақдим этди. Улар қаторида инвестицияларни жалб қилиш ва капитал бозорини ривожлантириш воситалари, халқаро лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда минтақа учун инновацион молиявий ечимлар мавжуд.
Саида Мирзиёева тажриба алмашиш нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Қайд этилишича, ОХММ ишга туширилганидан буён Қозоғистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 25,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
Марказ ҳудудида 90 мамлакатдан 5800 дан ортиқ компания рўйхатдан ўтган. 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, ОХММ иштирокчилари мамлакат бюджетига 317,4 миллиард тенге миқдорида солиқ тўлаган.
Ташриф доирасида делегация ОХММ Суди ва Халқаро арбитраж маркази фаолияти билан ҳам танишди.
ОХММ Молиявий хизматларни тартибга солиш қўмитаси (AFSA) вакиллари марказнинг лицензиялаш, назорат тизими, юрисдикциянинг солиқ имтиёзлари, трансчегаравий операцияларни амалга ошириш имкониятлари ва инновацион молиявий инструментларни ривожлантиришга оид тартибга солиш экотизими ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, делегация ОХММнинг арт макони ҳисобланган Ишонч музейи ҳамда хорижий иштирокчиларга «ягона дарча» тамойили асосида маъмурий хизматлар кўрсатувчи Экспат марказига ташриф буюрди.
Бундан аввал, 2026 йил февраль ойида ҳам Ўзбекистон Президенти Администрацияси делегацияси Тошкент халқаро молия марказини шакллантириш жараёни доирасида халқаро молия марказини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг амалий тажрибасини ўрганиш мақсадида ОХММга ташриф буюрган эди.
ОХММ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ислом молияси, яшил ва барқарор молиялаштириш, капитал бозорлари соҳаларида ҳам фаол ривожланмоқда. Шунингдек, муҳим соҳавий тадбирларда иштирок этиш учун мунтазам ташрифлар амалга оширилмоқда.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири таҳлилий тадқиқотларни тайёрлаш ҳисобланади. Улар қаторида «Марказий Осиёни ягона инвестиция йўналиши сифатида илгари суриш стратегияси» ҳамда «Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжонда капитал бозорлари: истиқболлар ва тенденциялар» ҳисоботлари мавжуд.
Ҳозирги кунда ОХММ юрисдикциясида Ўзбекистоннинг 23 та компанияси рўйхатдан ўтган бўлиб, улар молиявий хизматлар ва суғурта, ахборот-коммуникация технологиялари, профессионал, илмий ва техник фаолият, тоғ-кон саноати ҳамда улгуржи ва чакана савдо соҳаларида иш юритмоқда.
Ўзбекистон Қозоғистоннинг муҳим инвестициявий шерикларидан бири бўлиб қолмоқда. 2005 йилдан 2025 йил сентябригача бўлган даврда Қозоғистон иқтисодиётига Ўзбекистондан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ялпи ҳажми 75,6 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида саноат, қурилиш, нефть-газ кимёси, молия, логистика ва туризм соҳаларида умумий қиймати 1,2 миллиард доллар бўлган еттита қўшма лойиҳа ишга туширилган.
Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. 2025 йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 4,8 миллиард долларга етган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 16,2 фоизга кўпдир.
Қозоғистон экспортининг асосий қисмини буғдой, металл маҳсулотлари, ун ва нефть маҳсулотлари ташкил этади. Ўзбекистондан эса автомобиллар, мева-сабзавот маҳсулотлари ва ўғитлар етказиб берилади.
Ташриф Марказий Осиё минтақасининг инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлашда тажриба ва илғор амалиёт алмашиш муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.