Қорақалпоғистонда иссиқ туфайли боғчалар вақтинча ёпилади
Қорақалпоғистонда иссиқ туфайли боғчалар вақтинча ёпилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қорақалпоғистоннинг бир қатор шаҳар ва туманларида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши кутилаётгани муносабати билан давлат ва хусусий болалар боғчалари фаолияти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар қилди.
Вазирликда тушунтирилишича, мазкур қарор болалар саломатлигини аномал иссиқ таъсиридан ҳимоя қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини вақтинча тўхтатиш Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари хулосалари ҳамда тавсиялари асосида амалга оширилмоқда.
Ҳокимлар қарорларига мувофиқ, Нукус шаҳри ва Хўжайли туманида болалар боғчалари 13 июлдан 18 июлгача ишламайди. Амударё туманида уларнинг фаолияти 13 июлдан 15 июлгача тўхтатилади. Беруний, Тахтакўпир, Шуманай, Мўйноқ, Қанликўл ва Тўрткўл туманларида эса мактабгача таълим муассасалари 13 июлдан 17 июлгача ёпилади.
Вазирлик ота-оналарни болалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратишга, куннинг энг иссиқ вақтларида уларнинг узоқ вақт ташқарида бўлишларига йўл қўймасликка ҳамда зарур эҳтиёт чораларига риоя қилишга чақирди.
Аввалроқ Ўзгидромет 13–17 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жуда иссиқ ҳаво массалари кириб келишини маълум қилган эди. Синоптиклар прогнозига кўра, айрим жойларда ҳаво ҳарорати +44…+46 даражагача кўтарилиши, шунингдек, айрим ҳудудларда чанг тўзонлари кузатилиши мумкин.