Польша Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқарди
Польша Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқарди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Польша ҳокимияти Беларусь ҳудудидан ноқонуний миграцияни ташкил этишга алоқадор деб ҳисобланган Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборди. Бу ҳақда Польша Чегара хизматининг Надбужан бўлими хабар қилди.
Фуқаро Люблин шаҳридаги назорат-ўтказиш пунктида ҳужжатлари текширилаётган вақтда ушланган. Бундан аввал у Замосць шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасида озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан.
Чегара хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқароси Польша—Беларусь чегарасидан ноқонуний мигрантларни Польша ҳудуди ичкарисига ташишни ташкил қилиб, бунинг эвазига катта миқдорда молиявий даромад олган.
Идоранинг таъкидлашича, ушбу хорижликнинг мамлакат ҳудудида кейинги бўлиши жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солгани сабабли уни мамлакатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Полиция ходимлари кузатувида у Варшава аэропортига олиб келинган ва шу ердан Польша ҳудудини тарк этган. Шунингдек, унга ўн йил муддатга Польша ҳамда Шенген ҳудудига кириш тақиқланган.