Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтегаз» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари С. Ҳамроев J.P. Morgan бошқарув директори, минтақа раҳбари ва МДҲ мамлакатлари бўйича инвестиция-банк йўналиши раҳбари Т. Қунайбаев билан учрашув ўтказди.
Томонлар компаниянинг халқаро капитал бозорларига чиқиш имкониятлари ва узоқ муддатли молиявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтегаз» АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувнинг асосий масалаларидан бири халқаро капитал бозорларида облигациялар чиқариш истиқболлари ва замонавий молиявий инструментлардан самарали фойдаланиш бўлди.
Иштирокчилар, шунингдек, молиявий хатарларни бошқариш, жумладан, хеджирлаш инструментларидан эҳтимолий фойдаланиш масалаларини кўриб чиқди.
Шунингдек, жаҳон молия бозорларидаги жорий тенденциялар ва уларнинг молиялаштириш қийматига таъсири бўйича фикр алмашилди.
Муҳокамаларда Investor Relations (IR) йўналишини ривожлантиришга ҳам муҳим ўрин ажратилди. Томонлар инвесторлар билан очиқ ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, компаниянинг молиявий ва стратегик маълумотларини тақдим этишнинг тушунарлилигини ошириш масалаларини кўриб чиқди.
Учрашув якунида томонлар капитал бозори инструментларидан самарали фойдаланиш ва узоқ муддатли молиявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.