Ўзбекистонда ноқонуний миграция учун жазо таклиф этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинди. Миграция агентлиги Жиноят кодексига мамлакатга ноқонуний кириш, чиқиш ва давлат чегараси орқали ҳаракатланишни ташкил этиш учун жазо белгилашни назарда тутувчи ўзгартишлар лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳа муҳокамаси 8 сентябрга қадар давом этади. Бу ҳақда Миграция агентлиги томонидан эълон қилинган лойиҳада маълум қилинган.
Қонун лойиҳасида Жиноят кодексини «Ноқонуний миграцияни ташкил этиш» деб номланган янги 223-1-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Лойиҳага кўра, иқтисодий манфаат олиш мақсадида ғаразли ниятлар билан ноқонуний миграцияни ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистонга ноқонуний кириш, мамлакатдан чиқиш, давлат чегараси орқали ҳаракатланиш ёки Ўзбекистон ҳудуди орқали ноқонуний транзит ҳаракатни ташкил этиш, унга раҳбарлик қилиш ёки кўмаклашиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Таклиф этилаётган нормалар чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ёки Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қонунчиликда белгиланган миграция тартибини бузиш ҳолатларига татбиқ этилади.
Худди шу ҳаракатлар кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан, мансабдор шахс томонидан, такроран, хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши таклиф этилмоқда.
Агар бундай ҳаракатлар ўта кўп миқдорда, инсон ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли усулда содир этилган ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган бўлса, лойиҳа 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
Миграция агентлиги ўзгартишларнинг зарурлигини асослар экан, меҳнат миграциясини ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Ўзбекистондан ташқарида ишлашни режалаштираётган фуқаролар учун зарур шароитлар яратиш муҳимлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, идора ноқонуний миграциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган нормалар билан қонунчиликни тўлдириш заруратини қайд этган.
Таклиф этилган ўзгартишлар ҳозирча жамоатчилик муҳокамаси босқичида. Лойиҳани кўриб чиқиш натижаларига кўра, унда назарда тутилган чоралар ўзгартирилиши мумкин.