Ўзбекистонда бепул юридик ёрдам кафолатлари кенгайтирилди
Ўзбекистонда бепул юридик ёрдам кафолатлари кенгайтирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда кам таъминланган фуқароларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилмоқда. Бу борада бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев имзолади.
“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, кам таъминланган шахслар, агар улар муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган, Конституциявий судга шикоят билан мурожаат этган фуқаронинг илтимосига кўра Конституциявий суд томонидан юборилади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.