Ўзбекистонда автомобил савдоси 20 фоизга ўсди

Ўзбекистонда автомобил савдоси 20 фоизга ўсди

Ўзбекистонда автомобил савдоси 20 фоизга ўсди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда март ойида енгил автомобиллар бозорида фаоллик сезиларли даражада ошди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳига кўра, биринчи ва иккиламчи бозорлардаги умумий сотувлар 78 мингтадан ошиб, ўтган ойга нисбатан 19 фоизга кўпайди. Йиллик ҳисобда ўсиш 20,6 фоизни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимидаги динамика турлича бўлди. Мамлакатнинг аксарият вилоятларида сотувлар ошган бўлса, Жиззах, Андижон ва Самарқанд вилоятларида фаоллик пасайиши қайд этилди.

Энг юқори ўсиш Сурхондарё вилоятида кузатилиб, бу ерда сотувлар 51,4 фоизга ошди. Шунингдек, Тошкент вилоятида кўрсаткич 46 фоизга ўсди.

Сирдарё ва Навоий вилоятларида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилиб, мос равишда 34,5 фоиз ва 27,5 фоизни ташкил этди. Пойтахтда эса бозор жуда юқори суръатда ривожланиб, Тошкент шаҳрида автомобил сотувлари бир ойда 60,5 фоизга ошди.

Бирламчи бозорда март ойида тахминан 31 мингта янги енгил автомобил сотилди, бу ўтган ойга нисбатан 13 фоиздан зиёд ўсишни англатади. Йиллик ҳисобда эса ўсиш 37 фоизни ташкил қилди.

Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегменти ҳажми тахминан 25 мингтага етди. Бир ойда сотувлар 3,8 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 26,5 фоизга ошди.

Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Уларнинг сотуви ўтган ойга нисбатан қарийб икки баробарга ошиб, тахминан 5,7 мингтани ташкил этди. Йиллик ҳисобда ҳам фаоллик икки баробардан ортиқ ошди.

Иккиламчи бозорда ҳам ўсиш қайд этилди. Март ойида 47,5 мингта ишлатилган автомобил сотилди, бу ўтган ойга нисбатан 23 фоизга кўп. Йиллик ҳисобда ўсиш 12 фоизни ташкил қилди.

Электромобиллар сегментида алоҳида динамика кузатилди. Март ойида биринчи ва иккиламчи бозорларда уларнинг сотуви 5,5 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга ошди. Фаоллик мамлакатнинг саккизта ҳудудида ўсган бўлса, тўртта вилоятда пасайиш кузатилди.

Энг юқори ўсиш суръатлари Хоразм вилоятида қайд этилиб, бу ерда сотувлар беш баробарга ошди. Шунингдек, Навоий вилоятида 3,6 баробар, Жиззах вилоятида 2,9 баробар ва Фарғона вилоятида 2,2 баробар ўсиш кузатилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг