Ўзбекистон ва Россия ИННОПРОМда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Россия ИННОПРОМда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтимизда ўтказилаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Шундай учрашувлардан бири қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев ҳамда Россия Федерациясининг Оренбург вилояти қишлоқ хўжалиги, савдо, озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Балкин ўртасида бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида томонлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги йўналишларни белгилаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, чорвачилик маҳсулотлари ҳамда ёғ-мой йўналишидаги маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, бу борада ўзаро манфаатли механизмларни ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноати корхоналари билан Россия томонининг тегишли ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш занжирларини интеграция қилиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш борасида келишиб олдилар.