Ўзбекистон ва Жанубий Корея Smart Bio Cluster лойиҳасини амалга оширишни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Жанубий Корея Smart Bio Cluster лойиҳасини амалга оширишни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида директор Абдулла Азизов ҳамда KIND бошчилигидаги Корея консорциуми вакиллари иштирокида “Smart Bio Cluster” лойиҳасини амалга оширишнинг дастлабки ташкилий масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида биотехнология ва биофармацевтика соҳаларида замонавий саноат экотизимини шакллантириш, лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш ҳамда унинг инвестициявий жозибадорлиги ва иқтисодий самарадорлигини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Корея томони техник-иқтисодий асослаш (ТИА) ишлари доирасида бозор таҳлилини ўтказиш, эҳтимолий инвесторларнинг қизиқиши ва талабини ўрганиш, шунингдек, лойиҳанинг инвестиция салоҳиятини баҳолаш ишлари олиб борилишини маълум қилди.
Шунингдек, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, самарали бошқарув моделини шакллантириш ҳамда халқаро инвестицияларни жалб этиш бўйича амалий ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.
Агентлик раҳбарияти лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш ва зарур ташкилий кўмакни таъминлаш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни изчил давом эттириш, навбатдаги амалий босқичларни ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда лойиҳани белгиланган режа асосида илгари суриш бўйича келишувга эришдилар.