Шошилинч
Иқтисод

Ўзбекистон ва Грузия товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказмоқчи

Ўзбекистон ва Грузия товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказмоқчи
Ўзбекистон ва Грузия товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказмоқчи / Фото: Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Грузия савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш ниятини муҳокама қилди. Ушбу масалалар 12 октябрь куни Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе ва Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ўртасида кўриб чиқилди.

Учрашув давомида Лазиз Қудратов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди, шунингдек, икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.

Томонлар савдо ва инвестицияларни кенгайтириш, корхоналар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ўзаро етказиб бериш шартларини такомиллаштириш имкониятларини кўриб чиқди.

Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва Ўрта коридор бўйлаб алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, бир қатор тармоқларда қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини муҳокама қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.