Ўзбекистон ва Грузия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Грузия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Грузия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Бокуда Грузия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги вазири Давид Сонгулашвили билан учрашди. Музокаралар Ўзбекистон делегациясининг Озарбайжонга ишчи ташрифи доирасида бўлиб ўтди ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.

Мулоқот давомида икки томонлама аграр ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бораётганини қайд этиб, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш орқали товар айирбошлаш ҳажмини ошириш муҳимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, зайтунчилик, узумчилик ва виночилик, чойчиликни ривожлантириш ҳамда субтропик экинларни жорий этиш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, балиқчилик соҳасини ривожлантириш, фитосанитар тизимларни рақамлаштириш, логистика занжирларини такомиллаштириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таълим ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан дуал таълим тизимини жорий этиш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, “йўл харитаси”ни тайёрлаш ҳамда тегишли келишувларни имзолаш ҳамда амалий натижаларга эришиш мақсадида ишчи гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг