Ўзбекистон ва Эрон туризм соҳасида ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев 18 август куни Теҳронда Эрон Маданий мерос, туризм ва ҳунармандчилик вазири Сайид Ризо Солеҳи-Амирий билан учрашди.
Томонлар маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Музокаралар давомида икки мамлакат вакиллари Ўзбекистон ва Эроннинг умумий тарихий-маданий меросини асраш ва оммалаштириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Туристик алмашинувларни ривожлантириш ва икки мамлакатнинг соҳавий муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар маданият ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди ҳамда амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ва Эрон вакиллари тегишли идоралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олди.