Ўзбекистон ва БАА гендер статистикасини ривожлантиришни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва БАА гендер статистикасини ривожлантиришни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 22 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Козихонова Бирлашган Араб Амирликларининг Рақобатбардошлик ва статистика федерал маркази директори Ҳанан Аҳлий билан онлайн шаклда учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида гендер статистикаси тизимини такомиллаштириш, шунингдек, таҳлил йўналишларида илғор тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар гендер таҳлил тизимини кучайтириш мақсадида рақамли статистика ва “big data” технологияларини жорий этиш, БАА экспертлари иштирокида тренинг ва семинарлар ташкил этиш, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасалари иштирокида қўшма тадқиқотлар олиб бориш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор таклифларни илгари сурдилар.
Учрашув якунида гендер статистикасини такомиллаштириш, илғор тажрибалар асосида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга ҳар икки томон ҳам тайёр эканини билдирди.