Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон Сенати истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларни маъқуллади

Дилафруз Ниязова · 10.09.2026 · 13:20 · 25 views
Ўзбекистон Сенати истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларни маъқуллади
Ўзбекистон Сенати истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларни маъқуллади / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати..

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 19-ялпи мажлисида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда рақобатни ривожлантириш орқали истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Қонун билан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига товардаги нуқсонларни унинг ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда товар сифатини қўшимча равишда текширишнинг ҳуқуқий асосларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилмоқда.

Шунингдек, текширишнинг тартиби ва муддати, истеъмолчининг ушбу жараёнда иштирок этишини ҳамда текширишни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаб бериш тартиби ҳам белгиланмоқда.

Товардаги нуқсонлар у истеъмолчига реализация қилинганидан кейин, товарни сақлашнинг ёки ундан фойдаланишнинг белгиланган қоидалари бузилганлиги сабабли ёхуд учинчи шахсларнинг ҳаракатлари туфайли юзага келганлигини товарнинг ташқи кўринишига қараб аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда, товарнинг сифати қўшимча равишда текширилиши жорий этилмоқда.

Истеъмолчига шахсан ёки ўз вакили орқали товарнинг сифатини қўшимча равишда текширишда иштирок этиш шунингдек, товарнинг сифатини ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда текширишни амалга ошириш ваколатлари берилмоқда.

Сенаторлар фикрича, қонун истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга ҳамда бозор иштирокчилари учун янада барқарор ва ишончли ҳуқуқий муҳит яратишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида  сенаторлар Қонунни маъқуллади.