Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси Франция Президенти Эммануэль Макрон ташаббуси билан 9–10 сентябрь кунлари Париждаги Grand Palais мажмуасида ўтказилаётган биринчи Халқаро космик саммитда иштирок этмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект департаменти раҳбари Бобур Хўжаев ҳамда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этмоқда.
Саммитнинг асосий мавзуси космик соҳанинг келажаги бўлди. Иштирокчилар халқаро ҳамкорлик, космик иқтисодиёт, фан ва технологияларни ривожлантириш, шунингдек, космик фаолият хавфсизлиги ва барқарорлиги масалаларини муҳокама қилмоқда.
Тадбирда 90 та давлат ва халқаро ташкилот вакиллари, 60 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, космик агентликлар вакиллари, астронавтлар, экспертлар ва стартаплар иштирок этмоқда. Саммитда тақдим этилган космик саноатнинг етакчи компаниялари умумий сони 1000 дан ошади.
Иштирокчилар космик соҳа олдида турган долзарб муаммоларни, уларни биргаликда ҳал қилишнинг мумкин бўлган йўлларини, шунингдек, илғор тажриба ва билимлар алмашинуви масалаларини кўриб чиқмоқда. Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва космик фаолиятни барқарор ривожлантириш учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Саммит доирасида «Тез ўзгараётган дунё учун янги космик макон», «Космик хавфсизлик: Европанинг жавоблари» ва «Келажак космик инфратузилмаси концепцияси» мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, глобал космик иқтисодиёт, хавфсизлик ва ҳамкорлик, фан ва тадқиқотларга бағишланган панель муҳокамалари бўлиб ўтди.
Парижга 14 мамлакатдан 19 нафар таниқли астронавт ташриф буюрди. Улар орасида француз астронавти Тома Песке, италияликлар Саманта Кристофоретти ва Лука Пармитано, германияликлар Александр Герст ва Маттиас Маурер, БАА вакили Султон Ал-Нейядий ҳамда туркиялик астронавт Алпер Гезеравжи бор.
Иштирокчиларнинг кенг таркиби космик соҳанинг жорий ҳолати ва истиқболлари бўйича фикр алмашиш, янги имкониятларни муҳокама қилиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик учун алоқалар ўрнатиш имконини яратади.
Саммит доирасида астронавтларни кутиб олиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда Франция Президенти Эммануэль Макрон иштирок этди.