Ўзбекистон Бокуда қишлоқ хўжалиги савдо уйини очди
Ўзбекистон Бокуда қишлоқ хўжалиги савдо уйини очди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Озарбайжон Республикаси Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган нуфузли “Caspian Agro Week–2026” халқаро форуми доирасида “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо уйи”нинг расмий очилиш маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов, Озарбайжон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Межнун Мамедов, Туркия Республикаси қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги вазири Иброҳим Юмакли ҳамда Грузия Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги вазири Давид Сонгулашвили иштирок этиб, савдо уйини рамзий тарзда очиб беришди.
Ушбу савдо уйи Ўзбекистоннинг агро салоҳиятини халқаро майдонда намойиш этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда минтақавий савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Мазкур ташаббус икки давлат ўртасидаги очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик сиёсатининг амалий ифодаси бўлиб, иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, савдо уйи Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Озарбайжон бозорига тўғридан-тўғри кириб боришини таъминлаб, экспорт жараёнларини соддалаштириш ва ишлаб чиқарувчилар учун янги бозор имкониятларини яратишга замин ҳозирлайди.