Ўзбекистон БМТ йиғилишида туризм ташаббусларини тақдим этди
Ўзбекистон БМТ йиғилишида туризм ташаббусларини тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси раиси A.Аққулов бошчилигидаги делегация Малта Республикасида бўлиб ўтаётган БМТ Туризм Европа комиссиясининг 72-йиғилишида иштирок этмоқда.
Йиғилиш доирасида халқаро туризм соҳасидаги замонавий тенденциялар, рақамлаштириш жараёнлари ҳамда сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган қатор масалалар ва шу жумладан Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Халқаро хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш, 2027 йил Барқарор ва яшовчан туризм йилини юқори даражада ўтказиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Тадбирда Европа ва бошқа минтақалардан келган давлатлар вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда туризм соҳаси мутахассислари иштирок этмоқда.
Делегация раҳбари A.Аққулов ўз маърузасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг ташаббуси билан “2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” Очилиш маросимини мамлакатимизда ўтказилишини маълум қилди ва барча Европа мамлакатлари мазкур ташаббусни бир овозда қўллаб-қувватлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, туристик инфратузилмани такомиллаштириш ва янги йўналишларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, мамлакатимизда экологик мувозанатни сақлаш, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ҳамда маҳаллий аҳоли манфаатларини инобатга олган ҳолда туризмни ривожлантириш устувор вазифалардан бири экани таъкидланди.
Ўз ўрнида, мамлакатимизда туризм таълимига қаратилаётган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотлар БМТ Туризм раҳбарияти томонидан алоҳида қайд этилди.
Мазкур ташриф Ўзбекистоннинг халқаро туризм майдонидаги нуфузини янада ошириш, янги шериклик алоқаларини йўлга қўйиш ва соҳада илғор тажрибаларни ўрганишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир якунида иштирокчи давлатлар ўртасида келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олиниши кутилмоқда.