Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олмаота шаҳрида икки мамлакатнинг 300 га яқин тадбиркори иштирокида Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Тадбир ўзбек делегациясининг Қозоғистонга бизнес-миссияси доирасида ташкил этилди. Форумда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Шерзод Ибрагимов, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов, Олмаота шаҳар ҳокими ўринбосари Бейбут Шаханов ҳамда «Атамекен» тадбиркорлар ҳудудий палатаси директори Чингизхон Маманов иштирок этди.
Иштирокчилар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Форум доирасида маҳсулотлар кўргазмаси, бизнес вакиллари ўртасида B2B форматида икки томонлама учрашувлар, шунингдек, давлат тузилмалари ва тадбиркорлар ўртасида G2B форматида музокаралар ташкил этилди.
Экспорт ва импорт ҳажмини ошириш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш, логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда истиқболли инвестиция ташаббусларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, янги ҳамкорларни топиш ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун майдон бўлиб хизмат қилди.