Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида давлат стандартларига жавоб бермайдиган АИ-92 бензини сотилган автозаправка шохобчаси фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» хабар берди.
Текширувга «B.M.O.» МЧЖга тегишли АЁҚШда сифатсиз ёқилғи сотилаётгани тўғрисида келиб тушган мурожаат сабаб бўлган.
Инспекция ходимлари воқеа жойига бориб, шохобчада сотилаётган АИ-92 бензинидан намуналар олди. Лаборатория таҳлили ёқилғи давлат стандартлари талабларига жавоб бермаслигини тасдиқлади.
Текширув натижаларига кўра, ёқилғи қуйиш шохобчаси фаолияти тўхтатилди. Аниқланган қоидабузарлик учун шохобчага 37 миллион сўм миқдорида жарима қўлланди. Ушбу сумма сотилган нефт маҳсулоти қийматининг 50 фоизини ташкил этади.
Инспекция давлат стандартларига мувофиқ ёқилғи етказиб берилишини таъминлаш ва шу каби қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида назорат тадбирларини давом эттиришини маълум қилди.