Ўзбекистонда туячилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа ишга туширилди
Ўзбекистонда туячилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда туячилик соҳасини барқарор ривожлантириш, яйловлардан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш ҳамда қурғоқчил ҳудудларда озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлимга чидамлиликни кучайтиришга қаратилган янги лойиҳа ишга туширилди.
“Ўзбекистонда туячиликни қўллаб-қувватлаш ва маҳсулот етиштириш” номли ташаббус БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро яйловлар ва чорвадорлар йили (IYRP 2026) доирасида тақдим этилди.
Тадбирда қайд этилишича, яйловлар глобал миқёсда Ер қуруқлик юзасининг 54 фоизини эгаллаб, 200 миллиондан ортиқ чорвадорлар учун асосий тирикчилик манбаи ҳисобланади. Ўзбекистонда эса яйловлар 21,1 миллион гектар майдонни қамраб олиб, мамлакат ҳудудининг қарийб 47–50 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, уларнинг 40–50 фоизи турли даражада деградацияга учрагани қайд этилди.
Мутахассислар фикрича, кенг чўл ва адир ҳудудларига эга Ўзбекистон учун туячилик иқлимга мослашувчан чорвачилик йўналиши сифатида муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда мамлакатда туя сони 17,6 минг бошни ташкил этади. Уларнинг асосий қисми Бухоро, Навоий, Қорақалпоғистон ва Қашқадарё ҳудудларига тўғри келади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ФАО ўртасида ҳамкорлик лойиҳаси имзоланди. Унга кўра, туячиликни ривожлантириш, маҳсулдорликни ошириш, наслчиликни такомиллаштириш ҳамда Миллий туя стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Шунингдек, чорвачилик соҳасида фаолият юритаётган 15 нафар мутахассис ва фермер “Чорвачилик фидоийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Лойиҳа доирасида Арвана ва қозоқи бақтриан зотли туяларни парваришлаш, уларнинг сут маҳсулдорлигини ошириш ҳамда қиймат занжирини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Мазкур ташаббус Ўзбекистонда туячиликни тизимли ривожлантириш, яйлов чорвачилиги салоҳиятини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигида барқарор ва иқлимга мослашувчан моделни шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.