Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистонда корхона ва ташкилотлар сони 596,9 мингтага етди

UzDaily таҳририяти · 20.07.2026 · 10:10 · 58 views
Ўзбекистонда корхона ва ташкилотлар сони 596,9 мингтага етди

Ўзбекистонда корхона ва ташкилотлар сони 596,9 мингтага етди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 596,9 мингта корхона ва ташкилот фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар қилди. Уларнинг 435,4 мингтаси ёки 72,9 фоизи (фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳисобга олмаган ҳолда) кичик корхоналар ва микрофирмалар ҳиссасига тўғри келади.

Бир йил ичида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сони 7,2 фоизга ошди. 2025 йил 1 июль ҳолатида мамлакатда 556,9 мингта хўжалик юритувчи субъект фаолият кўрсатган. Шу тариқа, кўрсаткич 2022 йилда республикада қайд этилган 680,4 мингта корхона даражасига яқинлашди. 2023–2024 йилларда эса ушбу кўрсаткич пасайган эди.

Ҳудудлар кесимида энг кўп фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, улар умумий сонинг 19 фоизини ёки 113,6 мингтани ташкил этади. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 9,4 фоиз, Самарқанд вилояти — 9,2 фоиз, Фарғона вилояти — 8,5 фоиз ва Қашқадарё вилояти — 7,7 фоиз қайд этилган.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича савдо соҳаси етакчилик қилмоқда. Унда 162,9 мингта корхона фаолият юритиб, умумий сонинг 27,3 фоизини ташкил этади. Иккинчи ўринда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 21,9 фоиз улуш билан жойлашган. Учинчи ўринни эса 10,6 фоиз улушга эга саноат соҳаси эгаллаган. Ушбу учта тармоқ ҳиссасига мамлакатдаги барча фаол корхоналарнинг 59,8 фоиздан ортиғи тўғри келади.

Фаолият юритаётган 440,1 мингта тижорат корхонаси орасида масъулияти чекланган жамиятлар устунлик қилади. Уларнинг сони 351,6 мингта бўлиб, жами тижорат корхоналарининг 79,9 фоизини ташкил этади. Хусусий корхоналар улуши 10,7 фоиз, оилавий корхоналар улуши 8,5 фоиз, акциядорлик жамиятлари улуши эса 0,1 фоизни ташкил қилди.

2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, хорижий инвестициялар иштирокидаги фаол корхоналар сони 20 502 тага етди. Бу бир йил олдингига нисбатан 3 817 тага ёки 22,9 фоизга кўпдир. Уларнинг 15 891 таси хорижий корхоналар, 4 611 таси эса қўшма корхоналар ҳисобланади. Энг катта ўсиш савдо соҳасида қайд этилди. Бу ерда корхоналар сони 6 038 тадан 7 289 тага етди. Саноат соҳасида бу кўрсаткич 3 450 тадан 4 031 тага, қурилиш соҳасида эса 1 256 тадан 1 689 тага ошди. Сўнгги беш йилда хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг умумий сони 1,4 баробарга кўпайди, тўлиқ хорижий корхоналар улуши эса 56,7 фоиздан 77,5 фоизгача ошди.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, уларнинг улуши 62,5 фоизни ташкил этади. Вилоятлар орасида Тошкент вилояти 13,8 фоиз, Самарқанд вилояти 3,6 фоиз ва Фарғона вилояти 3,2 фоиз билан етакчилик қилмоқда.

Капитал келиб чиқиши бўйича биринчи ўринни Хитой эгаллаб турибди. Ушбу мамлакат иштирокидаги корхоналар сони 6 060 тани ёки хорижий инвестициялар иштирокидаги барча корхоналарнинг 29,6 фоизини ташкил этади. Кейинги ўринларда Россия — 16,8 фоиз, Туркия — 11,2 фоиз, Қозоғистон — 6,4 фоиз, Жанубий Корея — 3,5 фоиз ва Афғонистон — 3,3 фоиз жойлашган.

Маълумотлар Ўзбекистон Адлия вазирлиги Давлат хизматлари маркази базаси асосида 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилган.