Ўзбекистон ва Хитой тўқимачилик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Хитой тўқимачилик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакилларининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи доирасида “Shaoxing Huangxi Intelligent Group” компанияси раҳбарияти билан учрашув ташкил этилди. Тадбирда замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация таркибида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда йирик тўқимачилик корхоналари вакиллари ҳам иштирок этди.
Тадбир давомида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Джуманиязов Мухаммаджон Бахрамович томонидан мамлакатимиз тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати салоҳияти ҳамда устувор ривожланиш йўналишлари бўйича тақдимот ўтказилди.
Музокаралар давомида ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва технологик янгилаш, хом ашёни қайта ишлаш чуқурлигини ошириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Рақамли ва автоматлаштирилган ишлаб чиқариш жараёнларини бошқариш тизимларини жорий этиш, шунингдек, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ва савдо бозорларини диверсификация қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар технологиялар трансфери, тажриба алмашиш ҳамда икки давлат корхоналари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келгусидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.