Ўзбекистон ва Хитой қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Хитой қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой қишлоқ хўжалиги соҳасида йирик салоҳият ва илғор тажрибага эга. Аграр соҳада илмий-инновацион ечимлар, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, сув тежамкор технологиялар, чўлланишга қарши кураш, уруғчиликни ривожлантириш каби қатор йўналишлар Ўзбекистон-Хитой қишлоқ хўжалиги ҳамкорлигида муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси томонидан ушбу йўналишларда Хитойнинг вазирлик ва идоралари, давлат ва хусусий компаниялари, илмий-инновацион муассасалари билан доимий мулоқот йўлга қўйилган. Хусусан, Хитой Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси (CAAS) раҳбарияти ва мутахасислари билан сўнгги ойларда бир қатор учрашувлар ўтказилди.
Академия президенти Хуан Саньвэнь билан мулоқотларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, чўлланишга қарши кураш борасидаги кенг қамровли саъй-ҳаракатлар ва дастурлар ҳақида атрофлича ахборот берилди.
Ўзаро ҳамкорликда мамлакатларимиз учун муҳим йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-амалий алмашинувларни кенгайтириш, ўзаро қўшма ўқув дастурлари, академик ва тажриба алмашув курслари, илмий анжуман ва форумларни ташкил этишга келишилди. Шунингдек, сув тежовчи технологиялар ва интеграциялашган суғориш тизимларини ривожлантириш, рақамли технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, биохавфсизлик, шўрланган ва деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш каби масалаларда ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Хитой Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси 1957 йилда ташкил этилган. Академия 40 га яқин илмий-тадқиқот институтлари ва 8 та қишлоқ хўжалиги илмий-техник инновацион марказларига эга бўлиб, дунёдаги энг йирик академиялардан бири ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида Хитойнинг энг йирик илмий ташкилотидир.