Ўзбекистон ва Швеция ўртасида экспорт имкониятлари кенгайтирилмоқда
Ўзбекистон ва Швеция ўртасида экспорт имкониятлари кенгайтирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Швеция Миллий савдо кенгаши (Kommerskollegium) вакиллари Савдо ва ривожланиш департаменти директори ўринбосари Сара Санделиус ҳамда лойиҳа менежери Женни Икелберг билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш, хусусан, маҳаллий маҳсулотларни Швеция ва Европа Иттифоқи бозорларига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро савдо айланмасини ошириш ва ўзбекистонлик тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратишга тайёр эканликларини билдирди.
Музокараларда Швеция томони Ўзбекистондан озиқ-овқат ва текстиль маҳсулотларини импорт қилишга катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди. Бу борада маҳсулотларнинг Европа стандартларига мослигини таъминлаш устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Шунингдек, «Open Trade Gate Sweden» дастури доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзбек экспортчилари учун тренинглар ташкил этиш ва Швеция бозорига киришдаги техник талаблар бўйича маслаҳатлар бериш юзасидан келишувларга эришилди.
Учрашув якунида томонлар амалий натижаларга йўналтирилган ҳамкорликни йўлга қўйиш, экспорт шартномаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.