Ўзбекистон ва Сербия парламентлараро мулоқотни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Сербия парламентлараро мулоқотни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатда Ўзбекистон ва Сербия парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари аъзоларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, олий даражада эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш, сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув мобайнида парламентлараро ҳамкорлик давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми эканлиги, қўмиталар, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ўртасидаги мулоқотни янада фаоллаштириш, қонун ижодкорлиги, парламент назорати ҳамда таҳлилий-тадқиқот фаолияти соҳаларида тажриба алмашишни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Парламент аъзолари савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика, туризм ва ахборот технологиялари соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари хусусида ҳам фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва Сербия ректорлари форумини ташкил этиш, маданият кунлари, кино ҳафталиги ва бошқа қўшма тадбирларни ўтказиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.