Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Ўзбекистон ва Буюк Британия молиявий ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily · 19.06.2026 · 13:10 · 22 views
Ўзбекистон ва Буюк Британия молиявий ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Буюк Британия молиявий ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Буюк Британиянинг Инвестициялар бўйича давлат вазири Лорд Жейсон Стоквуд бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда, шунингдек, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тимоти Смарт, Экспортни молиялаштириш агентлиги (UKEF) ижрочи директори Тим Рид, Лондон фонд биржаси ижрочи директори Жулия Ҳоггет, “Standard Chartered Bank” ижрочи директори Саиф Малик ҳамда бир қатор масъуллар иштирок этди.

Учрашувда капитал бозорларини ривожлантириш ва Лондон фонд биржаси билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистоннинг халқаро капитал бозорларидаги иштироки, суверен ва корпоратив қимматли қоғозларни жойлаштириш, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш ва IPО жараёнларини давом эттириш бўйича фикр алмашилди.

Шунингдек, мулоқот давомида шаҳарсозлик, ҳудудий ривожланиш ва мастер-режаларни ишлаб чиқиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинди. Буюк Британия компаниялари билан амалга оширилаётган лойиҳалар Ўзбекистонда замонавий шаҳарсозлик ёндашувлари, барқарор инфратузилма ва аҳолига қулай яшаш муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Томонлар UKEF билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратдилар. Агентликнинг молиялаштириш механизмларини чуқурроқ ўрганиш, қўшма лойиҳаларни тайёрлаш жараёнини жадаллаштириш ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида амалий мулоқотни кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Мулоқот давомида “Standard Chartered Bank” билан ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Халқаро капитал бозорларига чиқиш, суверен облигациялар жойлаштириш, капитал бозори тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги инвестициявий, молиявий ва инфратузилмавий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд ташаббусларни жадаллаштириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича амалий мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

UzDaily · 👁 22 views · 19.06.2026 · 13:10