Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт Дастури ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 20.07.2026 · 11:30 · 56 views
Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт Дастури ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт Дастури ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги Доимий вакили Акико Фудзии хоним билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Агентлик директори Мансурбек Оллоёров давлат ижтимоий суғуртаси, парвариш хизматлари стандартлари ва Миллий стратегияни ишлаб чиқишга қаратилган CHANGE лойиҳаси ҳамда давлат ташкилотлари учун “Gender Equality Seal” ташаббуси доирасидаги муваффақиятли ҳамкорликни алоҳида қайд этди. БМТТД вакиллари юртимиздаги ислоҳотларни юқори баҳолаб, тизимни рақамлаштириш ва халқаро тажрибани жорий этишни бундан буён ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликнинг қуйидаги устувор йўналишларини белгилаб олди:

Давлат сиёсатини шакллантиришда сунъий интеллект ва микросимуляция моделларидан фойдаланиш ҳамда уларни Ижтимоий реестр ва кейс-менежмент (сасе манагемент) тизимига интеграция қилиш;
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун узоқ муддатли парвариш тизимини ривожлантириш, инклюзив таълимни кенгайтириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш;
Давлат ижтимоий суғуртасини такомиллаштириш, актуар тадқиқотлар ўтказиш ва Агентликнинг таҳлилий салоҳиятини мустаҳкамлаш.

Учрашув якунида Агентлик директори БМТТД вакилларини жорий йилнинг 21-22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Болалар фаровонлигига инвестиция: Келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли ривожланиш йўли” мавзусидаги Жаҳон саммитида фаол иштирок этишга таклиф қилди.

Томонлар ижтимоий ҳимоя соҳасида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, рақамли трансформация, аналитик ечимлар, парвариш тизими, гендер тенглиги, инклюзия ва давлат ижтимоий суғуртаси соҳаларида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.