Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо ва ишлаб чиқариш бўйича янги имкониятлар муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо ва ишлаб чиқариш бўйича янги имкониятлар муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Савдо-саноат палатасида Афғонистон делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашув БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан Афғонистонни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган дастури доирасида ташкил этилди.
Учрашувда делегация вакиллари ва Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси А.Шайхов билан музокара ўтказилди ва икки томонлама мавжуд ҳамкорлик алоқаларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳамда мустаҳкамлаш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда, шунингдек, БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий вакили Оливер Штольпе ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Афғонистон бўйича ваколатхонаси раҳбари Тосака Сота иштирок этди.
Музокаралар давомида Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, пахтани қайта ишлаш, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Музокара якунида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган англашув меморандуми имзоланди ва бир қатор келишувларга эришилди, шунингдек бундай шаклдаги учрашувларни доимий равишда ташкил этишга келишиб олинди.