Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Мингтепа ёдгорлигида милодий VIII асрга оид эҳтимолий ҳукмдорлар саройи аниқланди

UzDaily таҳририяти · 20.07.2026 · 17:10 · 52 views
Мингтепа ёдгорлигида милодий VIII асрга оид эҳтимолий ҳукмдорлар саройи аниқланди

Мингтепа ёдгорлигида милодий VIII асрга оид эҳтимолий ҳукмдорлар саройи аниқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти Жомбой туманида жойлашган Мингтепа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган тадқиқотлари давомида милодий VIII асрга оид эҳтимолий ҳукмдорлар саройининг меъморий қолдиқлари аниқланди. Археологик қазишма ишлари Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг илмий ходимлари Амриддин Бердимуров, Ҳусниддин Раҳмонов ва Нигора Маҳкамовалар томонидан амалга оширилмоқда.

Қазишмалар натижасида ёдгорликнинг Арк (қалъа) қисмида жойлашган, милодий VIII асрнинг биринчи ярмига мансуб бўлган сарой мажмуасининг меъморий тузилиши очиб берилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, иншоотнинг қурилиш услуби илк асрлар даври шаҳарсозлиги, меъморчилиги ҳамда давлат бошқарув тизимини ўрганишда муҳим илмий манба ҳисобланади.

Шунингдек, қазишма ишлари давомида саройнинг зал қисмидан VIII асрга оид ҳайкалтарошлик намуналари ҳам топилиб, улар юзасидан илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Археологларнинг қайд этишича, мазкур топилмалар Мингтепа ёдгорлигининг сиёсий, маданий ҳаёти, илк асрлардаги ҳудуднинг тарихий тараққиёти ҳақида янги илмий хулосалар чиқаришга хизмат қилади.