Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Киберхавфсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди

UzDaily таҳририяти · 22.07.2026 · 18:30 · 21 views
Киберхавфсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди

Киберхавфсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли муҳитда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланиш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган таклифлар асосида унинг қатор нормалари қайта кўриб чиқилди ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштирилган.

Жумладан, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, киберхавфсизлик талабларига риоя этилмагани ёки шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш чоралари кўрилмагани оқибатида фуқароларга моддий зарар етказилса, мазкур зарарни банклар, тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотлари томонидан қоплаш тартиби белгиланмоқда. Бу молиявий хизматлар бозори иштирокчиларининг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги нормалар билан масофадан давлат хизматлари кўрсатиш тизимидаги шахсий аккаунтларни ёки абонент қурилмасининг идентификация модулларини ғаразли мақсадларда бошқа шахсларга бериш, шунингдек, ўзга шахснинг аккаунти ёки абонент рақамидан ноқонуний фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишлар эса рақамли далиллар билан ишлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган. Унга кўра, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахсига ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятлар доирасида иш учун аҳамиятли бўлган электрон маълумотлар, ҳужжатлар ва бошқа ашёвий далиллар қаерда экани аниқ бўлган ҳолларда уларни белгиланган тартибда олиб қўйиш имконияти берилмоқда.

Яна бир муҳим янгилик сифатида банк ҳисобварақлари, электрон ҳамёнлар ва крипто-активлар бўйича операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш процессуал мажбурлов чораси сифатида жорий этилмоқда. Бу ноқонуний ўзлаштирилган маблағларни бошқа шахсларга ўтказиб юборилишининг олдини олишга хизмат қилади. Айни пайтда мазкур тартиб Конституцияда кафолатланган мулкий ҳуқуқларни таъминлаш мақсадида суд назорати механизмлари билан уйғунлаштирилмоқда.

Муҳокамаларда мазкур қонун кибержиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш, тўлов инфратузилмасининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда рақамли маконда ҳуқуқий хавфсизликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.