Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти делегацияси Беларусьга ишчи ташрифи давомида «Белмедпрепараты» фармацевтика корхонасининг ишлаб чиқариш қувватлари билан танишди ва дори воситалари ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Делегация таркибидан Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Ислом Мадаминов ҳамда Ўзбекистоннинг Беларусьдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов ўрин олди.
Улар Беларусь соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Борис Андросюк, «Белфармпром» фармацевтика холдинги бош директори Юрий Походня ва «Белмедпрепараты» бош директори Александр Жадан билан ҳам учрашув ўтказди.
Томонлар Фарғона вилоятида дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш тажрибасини алмашиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
«Белмедпрепараты» Беларусьнинг етакчи фармацевтика корхоналаридан бири бўлиб, унинг тарихи 95 йилдан ортиқ даврни қамраб олади. Компания инсулин, фермент ва биоген препаратлар, шунингдек, онкологик касалликлар ҳамда силни даволаш учун мўлжалланган дори воситаларини ишлаб чиқаради.
Корхона таркибига 11 та технологик ва олтита ёрдамчи цех киради. Ишлаб чиқариш майдонларининг умумий ҳудуди 20 гектардан ошади.
Корхонанинг барча ишлаб чиқариш участкалари халқаро GMP стандартлари бўйича сертификатланган.
Корхонада 300 га яқин турдаги дори воситалари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг тахминан 60 фоизи Беларусь ички бозорида сотилади, қолган 40 фоизи эса 20 дан ортиқ мамлакатга етказиб берилади.
Компания ҳар йили бештадан саккизтагача янги препарат ишлаб чиқаришни ўзлаштиради.
Ташриф давомида Фарғона вилояти вакиллари корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, қўлланилаётган технологиялар ва маҳсулотлар ассортименти билан батафсил танишди.