Фарғона вилояти ва Alcon биочар лойиҳасини муҳокама қилди
Фарғона вилояти ва Alcon биочар лойиҳасини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Германиянинг “Alcon Development Group” компанияси бошқарув директори Зия Газиев ҳамда унинг бизнес ҳамкори Аҳсен Қуреши бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув ушбу компания вакиллари билан аввал ўтказилган музокараларнинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилиб, унда ўзаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг жорий ҳолати ва келгуси босқичлари муҳокама қилинди.
Хусусан, ғўзапояни қайта ишлаш орқали биочар (махсус кўмир) ишлаб чиқаришга қаратилган инновацион лойиҳани амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Компания вакиллари ушбу лойиҳанинг қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан самарали фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда юқори қўшимча қиймат яратишдаги аҳамияти, экспорт салоҳиятини таъкидладилар.
Вилоят раҳбари томонидан мазкур ташаббусларни амалга ошириш учун зарур ташкилий ва амалий кўмак кўрсатилиши, инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилиши таъминланиши қайд этилди.
Учрашув якунида лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш юзасидан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.