Фарғона Пермь ўлкаси билан бизнес-форум ўтказди
Фарғона Пермь ўлкаси билан бизнес-форум ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона шаҳрида Пермь ўлкаси ишбилармонлари ҳамда вилоятимиз тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди.
Мазкур тадбир икки ҳудуд ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.
Форумда ишбилармон доира вакиллари, тадбиркорлар, Савдо-саноат палатаси ҳамда тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари иштирок этди. Тадбир давомида савдо-саноат, инвестиция, иқтисодий ҳамкорлик ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, икки ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, инвестициявий имкониятлари ва устувор йўналишларини акс эттирувчи тақдимотлар ҳамда видеороликлар намойиш этилди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган форумда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
Форум доирасида тадбиркорлар ўртасида B2B форматда учрашувлар ташкил этилиб, амалий мулоқотлар ўтказилди. Мазкур учрашувлар аниқ лойиҳаларни шакллантириш, янги ташаббусларни илгари суриш ҳамда ўзаро манфаатли келишувларга эришиш учун мустаҳкам замин яратди.